Ўзбекистонда яширин иқтисодиётни ва валюта қора бозорини йўқ қилиш йўллари

Яширин иқтисодиётни 100% йўқ қилиш ҳали дунёдаги ҳеч бир мамлакатда эришилмаган натижа ҳисобланади. Чунки инсонда нафс балоси бор экан у ҳар қандай йўллар билан ўз мақсадига эришиш учун турли қинғир йўлларни ўйлаб топишдан тўхтамайди. Бироқ, кўплаб ривожланган мамлакатларда яширин иқтисодиётнинг улуши ва таъсирини минимал даражада камайтириш даражасига эришишган. Асосийси бу натижа оддий аҳолини турмуш даражасини юқори даражада бўлишига замин яратган.

Яширин иқтисодиёт ва қора бозор нима эканлиги тўғрисида ушбу мақолани ўқишингиз мумкин.

Ўзбекистон бугунги кунга келиб айнан мана шу яширин иқтисодиётнинг таъсирини камайтириш бўйича бир қанча ишлар олиб борилмоқда. Мамлакатимиздаги яширин иқтисодиётнинг ривожланишида валюта қора бозорининг ўрни жуда катта ҳисобланади. Чунки, энг йирик нақд пул айланмалари хорижий валюта бўлмиш АҚШ долларида амалга оширилади (ноқонуний йирик битимлар, уй-жой олди-сотдиси, автомобиль олди-сотдиси ва бошқа кўплаб товарлар олди-сотдиси йиғиндиси). Ушбу банкдан ташқари айланаётган хорижий валютанинг бевосита миллий валютамиз сўмга нисбатан етказаётган зарари охир оқибат сўмимизни қадрсизланишига билвосита сабаб бўлмоқда. Аксарият маҳсулотларнинг четдан нақд пулга сотиб олиб келтирилиши ёки ҳуфёна битимлар туфайли маҳсулотларни мамлакатимизга олиб кириб сотилиши кўп жиҳатдан солиқдан яширган ҳолда фойда кўриб ишлаётган тадбиркорлар ва уларни қўллаб қувватлаб турган бошқа шахсларга қўл келмоқда.

Қора бозорнинг ривожланиши ва назорат қилишни қийинлигига асосий сабаблардан бири ҳам уларнинг нақд кўринишда муомалада бўлаётганлиги ва банк муассасаларига топширилмаётганлигидир.

Ўзбекистонда валюта қора бозорини йўқ қилиш бўйича қуйидаги йўлларни қўлласа самарали натижаларга эришиш мумкин:

  1. Ўзбекистон ҳудудида хорижий валютани нақд кўринишда муомалада бўлишини бекор қилиш ва қонуний жиҳатдан нақд валютани ўзбошимча жамғаришни таъқиқлаш.
  2. Ўзбекистонда ноқонуний валюта қора бозорларини қонунийлаштирган ҳолда белиланган интерваллар доирасида бозор нарҳларида савдо қилувчи валюта айирбошлаш шаҳобчаларини ташкил қилиш. Нақд хорижий валютани бемалол расмий солиқ тўлаб фаолият юритадиган хусусий шаҳобчаларда алмаштириш имконини бериш. Яширин савдо қилаётган валютачиларни қаттиқ жазолаш (Буюк Британия мисолида).
  3. Қанчалик қийин ва оғир оқибатларга олиб келмасин, барибир сузиб юрувчи валюта курсига ўтиш. (Россия Федерацияси тажрибаси мисолида)

Энди юқоридаги йўллар бўйича алоҳида тўхталсак. Учинчи йўлдан бошласак, сузиб юрувчи валюта курсига ўтиш дарҳақиқат, аввало ўта мукаммал ишлаб чиқилган банк-молия тизими, яхши шаклланган валюта бозори ва энг муҳими хорижий валютага бўлган талабни ортиғи билан қондира оладиган валюта захирасининг мавжудлигини талаб қилади. Бу борада ҳали қилинадиган ишлар анча эканлиги ва бой тажрибага эга эмаслик ҳали бу йўлни танлашга эрта эканлигини ҳам билдиради. Бир неча йилларни талаб қилади.

Иккинчи йўл, бу кўплаб ривожланган давлатлар фаолиятида қўлланилган йўл бўлиб, унда ҳам иқтисодиётнинг хорижий валютага нисбатан талаби юқори бўлмаган ҳолатларда катта самара берган. Бу йўлни қўллаш учун, бир қанча қонунчилик базасига ўзгартириш киритиш, валюта курслари бошқарилиши механизмини мукаммал ишлаб чиқиш ва ўта кучли жазо қоидаларини белгилаган ҳолда қора бозорга қарши курашишга тўғри келади. Жуда кўп вақтни талаб қилади.

Биринчи йўл эса бизнинг назаримизда, энг мақбул таклиф ҳисобланиб унда натижага эришиш вақти тез бўлиши аниқ. Чунки, бу борада қайсидир маънода тажриба бор. Биринчи ҳолат худди сўм-купон валютасидан сўмга ўтилган ҳолат бўлса, иккинчи ҳолат хорижий валюталарни сотиб олишнинг нақдсиз кўринишга ўтиши юзасидан амалга оширилган ишлар мисол бўла олади.

Масалан, бир ой муддатда барча нақд кўринишдаги хорижий валюталарни банкларга топширилиши белгиланади ва топширилган маблағлар эгаларининг махсус пластик карталарига ўтказиб берилади. Бу ерда асосий масала миллий тўлов марказининг хорижий валюталарни ҳисобини юритилишига доир функционалини кенгайтириш ёки барча топширилган валюталарни сўмдаги эквивалентига айлантирган ҳолда пластик карталарга ўтказиб бериш ҳисобланади. Қайси йўлни танлаш юқори малакали экспертлар ва ҳукуматнинг хоҳишига боғлиқ бўла қолсин. Шундан сўнг қолган барча нақд хорижий валюталарнинг жамғарилиши ва олиб юрилиши қонунан таъқиқланиши ҳамда бунинг учун қонуний жавобгарликнинг белгиланиши лозим бўлади.

Айнан шундагина қора бозордаги барча олди-сотди муносабатларининг йирик қисми ва ҳаттоки кичик қисмлари ҳам фош бўлади. Ҳар бир ўтаётган йирик тўловни кузатиш имкони пайдо бўлади ва банкларда хорижий валюталарнинг сақланиши мажбурий ва доимий бўлади. Кимки чет элга чиқмоқчи бўлса, унга бемалол пластик картасига пул конвертация қилиб берилади (сабаб банкларда яширин иқтисодиётнинг барча валюталари йиғилган бўлади). Хориждан келаётган пул ўтказмалари ҳам мижознинг хоҳишига кўра пластик картасига валютада ўтказилади ёки нақд миллий валюта сўм кўринишида берилади. Чет элдан келадиган туристларга ҳам худди шунингдек хорижий валюталари конвертация қилинган ҳолда ўзбек сўми тақдим қилинади (чунки Ўзбекистонда қонуний тўлов воситаси фақатгина сўм). Энг қизиғи, ушбу усул ҳақиқатда амалда қўлланилса, кимнинг қанча хорижий валютаси борлиги ва унинг қандай йўллар билан топилишига нисбатан объектив маълумотлар шаклланиши мумкин. Бу эса кўпчилик бугунги кунда яширин иқтисодиёт ва қора бозордаги фаолиятдан даромад олаётган шахслар учун ҳалокат дегани.

Қайд этиш жоизки, ушбу йўлни самарали қўлланилиши натижасида нақд ва нақдсиз нарҳлар ўртасидаги тафовутлар ҳам ўз-ўзидан йўқ бўлади. Чунки эндиликда нақдга сотилган пулга олинадиган қора бозорнинг ўзи мавжуд бўлмайди ва ўз ўрнида ҳеч ким сотувчига нақд долларни ҳам таклиф қилолмайди.

Масалан Швецияда бугунги кунга келиб ҳаттоки ўз миллий нақд пул муомаласи шу даражада қисқартирилганки, яқин йилларда улар нақд кўринишдаги пуллардан тўлиқ воз кечишмоқчи. Демак, иқтисодиёти тараққий этган мамлакатлар тажрибасида бу ҳолат табиий деб қаралмоқда.

Юқоридаги барча йўллар, бу айрим давлатлар тажрибасига асосланган таклифлар эди холос, уларни қандай қўллаш ва бизнинг мамлакатимизда қўллашнинг нақадар фойда келтириши бу иккинчи масала. Чунки, бир жойда иш берган усул бошқа жойда ҳам худди шундай самарали иш бериши аниқ деб ҳеч ким айта олмайди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.

Share

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*