СОЛИҚ КОНЦЕПЦИЯСИДАГИ ЎЗГАРИШЛАР ПЕНСИЯ ЁШИНИ УЗАЙТИРИЛИШИГА САБАБ БЎЛИШИ МУМКИНМИ?

Картинки по запросу пенсия грузия 180Солиқ ислохотларини амалга ошириш мақсадида таклиф этилаётган концепциянинг кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлаётгани барчамизга маълум. Бунда айниқса иш ҳақи юзасидан бўладиган тўловларда бир текис солиққа тортиш амалиётининг қўлланилиши таклифи катта аҳамиятга эга.

Дарҳақиқат шу кунга қадар иш берувчи иш ҳақи ҳисоблаши ва ходимнинг қўлига келиб тушгунгача бўлган жараёнда бир нечта солиқ ва ажратмалар турларини тўлашга мажбур эди. Гарчи солиқларнинг таркибидаги бир қанчаси жисмоний шахс номидан ажратилса уларни ўз вақтида тўлаш ва аниқ ҳисоб китобини юритиш ҳам иш берувчи зиммасида эди. Бу ўз навбатида иш берувчига ойлик ҳисоблаш билан боғлиқ кўп вақт сарфланиши ва қўшимча харажат талаб қилар эди. Эндиликда янги бир текис шкаладаги солиқ ставкасининг қўлланилиши натижасида иш берувчи ҳам вақтини ҳам нақдини тежаши аниқ. Шунингдек, агар иш берувчи ўз ходимларига нисбатан эски иш ҳақи фонди ва харажатларини сақлаб қолса ходим иш ҳақи ўсишига ҳам сабаб бўлади.

            Барча турдаги иш берувчиларнинг бирдай ютишини амалдаги ҳисоб китоблар билан тасдиқлаб кўрсатамиз. Чунки ходим учун унинг қўлига тегадиган пул миқдори қизиқ бўлса, иш берувчи учун ходимнинг иш ҳақи бўйича жами қанча харажат кетиши муҳим ҳисобланади. Буни токи реал ҳисоб-китоб қилиб фарқини кўрмас экан ҳар иккала томон ҳам янги таклифнинг аҳамиятини сезмаслиги мумкин. Бунинг учун шартли равишда уч хил миқдорда даромад олувчи жисмоний шахсларни мисол қилиб оламиз. Уларнинг қўлларига оладиган иш ҳақи 835 426 сўм, 1 563 770 сўм ва 7 043 770 сўм деб қабул қилган ҳолда буни амалдаги ва янги таклиф этилаётган концепция бўйича ҳисоблангандаги харажатлар миқдорини аниқлаймиз.

Ходимнинг қўлига тегадиган пул

Ҳисобланган пул (начисления)

Иш берувчининг жами сарфлаган харажати (йирик ташкилотларда)

Жами харажат (кичик бизнес ва фермер хўжаликларида)

Концепция бўйича жами харажат

Йирик ташкилотлар тежаши

Кичик бизнес тежаши

835 426

1 000 000

1 250 000

1 150 000

1 125 040

124 960

24 960

1 563 770

2 000 000

2 500 000

2 300 000

2 105 877

394 123

194 123

7 043 770

10 000 000

12 500 000

11 500 000

9 485 610

3 014 390

2 014 390

Юқоридаги ҳисоб китобларда барча турдаги корхона ва ташкилотлар Касаба уюшмасига ҳам 1% ажратма ажратишади деган шарт билан ҳисобланган.

            Юқоридаги жадвалдан кўриш мумкинки бугунги кунда тўланиши мумкин бўлган турли қатламлар доирасидаги иш ҳақи миқдорлари бўйича иш берувчининг харажатлари ҳар бир тоифада ҳам иш берувчи учун самарали бўлади. Аввал кичик бизнесда фаолият юритувчи тадбиркор маълум бир миқдордаги иш ҳақини бериш учун ўртача 1.5 баравар пул умумий харажат қилиши керак бўлса, эндиликда у 1.33 баравар харажат қилган ҳолда содда тартибда иш ҳақини бериши мумкин. Айниқча йирик ташкилотлар, хусусан давлат ташкилотлари ишчилари учун ҳам ойликни ошириш имконини беради. Гарчи аввалги ойлик миқдорини сақлаб қолган ҳолда ўз харажатларини жадвалдаги сингари қисқартириш имкони бўлса ҳам, умид қиламизки, хусусий корхоналар ва давлат ташкилотлари ишчиларнинг қўлига тегадиган пулни кўпайтириш йўлини танлашади.

            Ушбу ўзгаришдан айниқса йирик ташкилотлар катта фойда кўришади. Бироқ, танганинг иккинчи томони ҳам борки бу давлат бюджети тушумлари ва хусусан пенсия таъминоти масалаларининг кейинги тақдири қандай кечиши бизга номаълумлигича қолмоқда. Ушбу ҳолатга жиддий аҳамият бераётганим сабабини ҳозир тушунтираман.

            Мен аввалги чоп этган мақолаларимдан бирида солиқ тизмини ислоҳ қилиш бўйича таклифларимни билдиргандим ва унда Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари пенсия фонди маблағлари манбаларининг сўнгги йиллардаги тушумларини шакллантирувчи фоиз ставкаларини кўрсатгандим. Шундан англаш мумкинки, иқтисодиётда фаол бўлган расмий ишлаётган аҳолининг нисбатан камлиги эвазига сўнгги йилларда гарчи кичик бизнес учун ягона солиқ тўлови 15%га туширилган бўлса ҳам, иш ҳақидан фуқароларнинг суғурта бадаллари йил сайин ошириб келинмоқда эди. Аслида кичик бизнесда расмий фаолият юритаётган ходимларнинг сони йирик ташкилотларда фаолият юритаётган ходимлар сонидан кескин фарқ қилади ва бюджетга бир неча баравар кам даромад келтирган. Шунинг учун ҳам йирик ташилотларда фаолият юритувчи ходимларнинг иш ҳақидан олинадиган суғурта бадалларининг оширилиши ҳамда ялпи тушумдан мажбурий ажратмалар сифатидаги тушумларнинг оширилиши пенсия таъминотини қоплашга бир амаллаб етказиб келинаётган эди.

Агар бюджет даромадлари таркибида улушининг юқорилиги жиҳатидан таҳлил қилинадиган бўлса Ягона ижтимоий тўловнинг улуши иш ҳақи бўйича тўланадиган солиқ ва ажратмалар таркибидаги энг йириги ҳисобланади. Концепцияда айнан 25% сақланиб қолинишининг асосий сабабларидан бири ҳам айнан шу бўлса керак деган фикрдаман (чунки ЯИТ 25%, кичик бизнес учун 15%). Бу орқали бюджетга келадиган йирикроқ даромад сақлангани ҳолда қолган манбалардан келувчи даромадлар йўқотилиши белгиланган.

            Янги концепциянинг 25% бир текис шкаласида белгиланиши ҳамда мажбурий ажратмаларнинг умуман бекор қилиниши пенсия таъминотининг манбалари нисбатан камайиб кетишини тақозо этади. Бу борада 25% текис шкалани тақсимланишини мен ўзимча қуйидаги тартибда амалга ошса керак деб таҳмин қилмоқдаман.

            Кўриб турганингиздек, мен ажратаётган ажратмаларда олдинги тўланиб келинган фуқароларнинг даромад солиғи бўйича йўналиш янги концепция бўйича умуман йўқ бўлиб кетган. Бунга сабаб, барибир ушбу маблағларнинг аксарият қисми пенсия таъминотини дотация қилишга йўналтирилиши кузатилган. Бироқ, агар худди шундай тартибда тақсимланса ҳам пенсия таъминоти кейинчалик расман фаолият юритувчи ишиларнинг кескин ортиши ҳисобигагина қопланиши мумкин. Бошқа ҳолларда бунинг ечими сифатида фақатгина дотация, пенсия миқдорини оширмай туриш ёки пенсия ёшини узайтириш сингари ечимлар билангина пенсия таъминотини сақлаб қолиш мумкин.

            Энг қизиғи агарда пенсия ва нафақалар бозор иқтисодиёти қоидаларига мувофиқ бозор нархларига кўра индексация қилиб борилиши белгиланса, унда ушбу масаланинг ечими жуда қийинлашади. Натижада ҳаттоки бугунги кунда Грузия дуч келаётган пенсия таъминоти муаммосига Ўзбекистон ҳам дуч келиши мумкин. Агар воқеалар ривожи нисбатан қийинроқ кечадиган бўлса, катта эҳтимол билан бизда ҳам пенсия ёши узайтирилиши чораси қўлланилиши мумкин. (Маълумот ўрнида: Грузияда пенсия ёши эркаклар учун 65, аёллар учун 60 ёш қилиб белгиланган, Ўзбекистонда эса эркаклар учун 60, аёллар учун 55 ёшни ташкил қилади.)

            Бироқ бунинг олдини олиш учун бир қанча чора-тадбирлар қўллаш мумкин:

  • Хусусан, норасмий секторда фаолият юритувчи барча субъектларни расмий секторга ўтказиш ишларини ривожлантириш;
  • Хорижда фаолият юритаётган ишчиларнинг барчасини расмий шартномага мувофиқ даромад солиғини Ўзбекистон учун тўлаш шаклини йўлга қўйиш ёки икки томонлама келишувга мувофиқ бошқа давлатлардан шу борада ишларни жадаллаштириш;
  • Расмий иш билан банд бўлмаган меҳнат лаёқатига эга бўлган аҳолини тезроқ иш топиши учун туртки бериш мақсадида маълум миқдордаги маблағни қатъий солиқ сифатида пенсия таъминотига тушишини таъминлаш (Чунки, якунда барибир ёшга доир қарилик пенсиясини олиш ҳуқуқи берилади ҳар кимга);
  • Орттирилган ногиронлик нафақаларини белгилаш тартибларини ислоҳ қилиш ва бошқалар.

           

Энди мен Концепцияда таклиф этилаётган айрим масалалар юзасидан бир қанча саволларни ўртага муҳокама учун ташламоқчи эдим.

Бирлаштириб юборилган даромад солиғи, пенсияга ажратма ва ягона ижтимоий тўловлар бюджетда қандай тақсимланиши ҳам ҳозирча номаълум? (Мен, бу бўйича ўз таҳминимни юқорида келтирдим, бироқ даромад солиғидан имтиёз деган тушунчаларнинг тақдири қандай кечиши менга қоронғу, хусусан, шу вақтга қадар даромад солиғидан имтиёзни қўллаган ҳолда суғуртага ёки ипотека кредитларини қоплашга йўналтираётган инсонлар учун бу жуда муҳим саналади. Бошқа томондан агар кўпроқ иш ҳақи олиш имконияти пайдо бўлса бундай имтиёзларнинг кераги ҳам йўқ, аслида.)

Эндиликда пенсия таъминоти бўйича мамлакатдаги ҳар хил турдаги пенсия ва нафақаларни олувчи шахсларни таъминлаш масаласида қандай чоралар кўрилиши? (Мен бу ҳақида ҳам таклифларимни билдириб ўтдим)

Янги таклиф этилаётган Концепция бўйича жамғариб бориладиган пенсия таъминотига ажратмалар бўлиш ёки бўлмаслиги масаласи номаълумлигича қолмоқда?

Менинг таклифларим жамғариб бориладиган пенсия таъминотига пул ажратиб боришни ихтиёрий равишда танлаш ҳуқуқини бериш, уни иш берувчи томонидан эмас, балки ишчининг ўзи томонидан мустақил равишда жамғариб борилиши тизимини йўлга қўйиш, агар ишчи ходим хоҳламаса умуман пул ўтказмаслиги мумкинлигини белгилаш лозим. Чунки бугунги кундаги жамғариб бориладиган пенсия таъминоти бўйича ўтказиладиган пуллар ишчилар учун деярли йўқотилган пуллар ҳисобланади. Чунки пенсия ёшига етгач ҳеч қандай индексация қилинмасдан инфляция натижасида қадрсизланиб улгурган пулнинг аҳамияти батамом йўқолади. Шу сабаб, бу тизимни ҳам тубдан ислоҳ қилиш ва жозибадор бўлган жамғарма омонатлар, суғурта хизматларини таклиф қилиш мақсадга мувофиқ.

Бу фақат иш ҳақи тўловлари бўйича солиқдаги ўзгаришларга нисбатан билдирилган фикрларим, қолган турдаги ўзгаришларга нисбатан ҳам фикрларни кейинги мақолаларда бериб ўтаман.

Мансур Тангишов, молиячи эксперт

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.

Share

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*