Биржада ҳафталик савдо айланмаси 27,9 млрд. сўмни ташкил қилди

2018 йилнинг 9 – 13 июль кунлари  «Тошкент» Республика фонд биржаси савдоларида 22 та акциядорлик жамиятининг акциялари билан 130 та битим қайд қилиниб, 190,7 млн. дона акциялар  27,9 млрд. сўмга сотилди.

Таҳлиллар жами савдо айланмасининг 99,9 фоизи тижорат банкларининг қимматли қоғозлари билан амалга оширилган битимлардан иборат бўлганини кўрсатди.

Энг йирик битим 9 июль санасида акциялар бозорининг асосий секциясида («Main Board») “Savdogarbank” АТБнинг 173,1 млн. дона акцияси билан 17,3 млрд. сўм миқдорида тузилди. Бир дона акциянинг савдо кунидаги сотув нархи 100 сўмни ташкил қилди.

Битимлар сони бўйича етакчиликни ўтган ҳафтада “Kvarts” AЖ эгаллаган ҳолда,  унинг 4 882 дона акцияси билан 27,4 млн. сўмлик 40 та битим амалга оширилди.

Қимматли қоғозлар билан ўртача кунлик савдо айланмаси ҳисобот даврида 5,6 млрд. сўмни, ўртача битим қиймати эса 214,3 млн. сўмни ташкил этди. Шу билан бирга, ушбу даврда сотилган бир дона акциянинг ўртача нарх кўрсаткичи146,0 сўмдан иборат бўлди. 

 “Olmaliq KMK” AЖ акциялари билан тузилган савдо битимларида қимматли қоғозларга белгиланган энг юқори нарх кузатилди. Бунда номинал қиймати 3 914 сўм бўлган жамият имтиёзли акцияларининг савдо кунидаги биржа нархи 11 000 сўмни ташкил этди.

Ҳафта давомида савдо айланмаси ҳажми юқори бўлган эмитентларни “Savdogarbank” АТБ (ҳафталик савдо айланмасининг – 62,1 фоизи ёки 17,3 млрд. сўм), “Kapitalbank” АТБ (35,4 фоиз ёки 9,8 млрд. сўм) ва “Turkiston” ХАТБ(2,1 % ёки 0,6 млрд. сўм) ташкил этган ҳолда, савдо айланмасининг 99,7 фоизи (27,76 млрд. сўм) улар ҳиссасига тўғри келди.

Шунингдек, ўтган ҳафтада фонд биржасида республикамизнинг 8 та ҳудудида жойлашган листинг компаниялари қимматли қоғозлари билан савдо битимлари имзоланди. Биржа битимларининг энг юқори ҳажми Тошкент шаҳридаги (99,8 фоиз) акциядорлик жамиятлари ҳисобига тўғри келди.

Фонд биржасида йил бошидан буён 208,8 млрд. сўмлик 6 339 та савдо битими қайд қилинди. Ушбу даврда биржа савдоларида 89 та акциядорлик жамиятининг 6,7 млрд. дона қимматли қоғозлари сотилган.

Йил бошидан буён биржа савдо айланмасида тижорат банкларининг қимматли қоғозлари билан амалга оширилган битимлар ҳажми юқорилигича қолмоқда. Уларнинг умумий савдо айланмасидаги улуши 67,9 фоиз ёки 122,9 млрд. сўмни ташкил этади.

Манба

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.

Share

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*