Кто может зарабатывать больше ПРЕДПРИНИМАТЕЛЬ или СПЕЦИАЛИСТ? (на узбекском языке)

Ушбу сарлавҳадаги савол бугунги кунда бутун дунёда баҳс мунозараларга сабаб бўлаётган долзарб масалалардан бири ҳисобланади. Бу борада шунчалик кўп китоблар ва мақолалар ёзилганки, уларнинг ҳар бирини ўқиб чиқиб улгурмайсан киши. Бу саволга жавоб аслида кўпроқ инсоннинг психологияси ва қобилиятидан келиб чиқиб белгиланиши мумкин.

Аввало, тадбиркор ва мутахассис ўртасидаги асосий фарқларга тўхталсак. Тадбиркор ким ўзи? Тадбиркор – бу қисқача қилиб айтганда фойда олиш мақсадида ўз мулки асосида таваккал қилиб юритиладиган қонуний фаолият билан шуғулланувчи шахс. Бунда тадбиркор ўзи мустақил юрита оладиган ёки мустақил ярата оладиган янги ёхуд мавжуд фаолиятлардан бири билан шуғулланиши мумкин. Масалан, ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш ва ишлар бажаришнинг турли йўналишларидан бири билан шуғулланиш.

Мутахассис – эса қайсидир соҳада фаолият юритувчи, тегишли соҳага оид қандайдир даражадаги маълумотга ва тажрибага эга, белгиланган миқдордаги даромад миқдорига эга бўлган, ўз вазифаси доирасида мажбуриятга эга бўлган инсон. Бунда мутахассис қайсидир ташкилот ёки давлат томонидан белгиланган ишдаги вазифаларни ёлланган ҳолда амалга оширади.

Кимнидир қайсидир вазифани бажаришга иқтидори бор лекин, бошқаларни ҳам ушбу вазифани бажаришни амалга оширишга ишонтириш ва бошқаришга нисбатан иқтидори йўқ. Кимнидир эса вазифани бажаришга жамоани ишонтириш ва шакллантириш ҳамда бошқариш бўйича яхши қобилияти бор, бироқ вазифани ўзи ёлғиз ўтириб бажаришга нисбатан иқтидори етарли эмас. Кўп ҳолларда айнан юқоридаги иқтидор инсонинг мутахассис ёки тадбиркор бўлишига асосий туртки бўлувчи куч ҳисобланади. Аслида тадбиркорлар бу ташаббускор инсонлар бўлиб, кўпроқ ишни ташкилий жиҳатдан яхши амалга ошириш, инсонларни ишонтира олиш ва ғояни амалиётга тадбиқ қилгунча тўхтамасдан фаолият юритувчи шахслардир. Мутахассислар эса ўз ишларининг устаси сифатида белгиланган топшириқларни сидқидилдан бажариш учун эртаю кеч тер тўкадиган инсонлар тоифасидир. Шуни алоҳида таъкидлаш мумкинки, дангаса мутахассис бўлиши мумкин (ёмон мутахасси бўлар), бироқ тадбиркор бўла олмайди. Чунки тадбиркорлик доимий тўхтовсиз ҳаракат, янгилик ва изланишларни талаб қиладиган фаолият.

ТАДБИРКОР ВА МУТАХАССИС ЎРТАСИДАГИ АСОСИЙ ФАРҚЛАР

Тадбиркор

Мутахассис

Фаолиятидаги риск даражаси юқори

Фаолиятида риск даражаси нисбатан паст

Қарор қабул қилишда доимо мустақил

Қарор қабул қилишда раҳбарият розилиги керак

Иш вақти регламентини ўзи учун ўзи белгилайди

Иш вақти регламенти бошқалар томонидан белгиланади

Фаолияти бўйича бир нечта мажбурий солиқ турларини тўлайди

Фаолияти бўйича даромад солиғи тўлайди

Бир ёки бир нечта ишчи учун жавобгар

Аксарият ҳолларда қўл остида ишчилари бўлса ҳам, ўз ваколати доирасида жавобгар

Юридик шахс (ХК, ОК, ФХ, МЧЖ, АЖ)/Жисмоний шахс (ЯТТ, ДХ, ОТ)

Жисмоний шахс

Бир нечта фаолият билан шуғулланиши мумкин

Битта фаолият билан шуғулланади, агар улгурса ўриндошлик асосида бошқа фаолият билан шуғулланиш имкони бор

Маълумотининг аҳамияти йўқ (Олий ёки ўрта)

Маълумотининг аҳамияти юқори (Кўпинча олий маълумот талаб этилади)

Иш тажрибасига нисбатан қатъий мезонлар йўқ

Иш тажрибаси юқори аҳамиятга эга

Қўл остидаги ходимлар сонини ўзи белгилайди ва бошқаради

Қўл остида агар ходимлар бўлса, раҳбарият руҳсати билан сонини ўзгартириши ва ваколат доирасида бошқариши мумкин

Бир нечта субъектлар билан ҳамкорликда фаолият олиб бориши мумкин

Асосан ўзи фаолият юритадиган ташкилот ходимлари ва ҳамкорлари билан чекланади

Ўз мулки ва жалб қилган мулки учун шахсан жавобгар

Фақатгина ваколати бўйича тегишли ташкилот айрим мулклари ҳолати учун жавобгар бўлиши мумкин

Ҳар доим янги мижозлар ва буюртмачилар талабини қондиришни ўйлайди, изланади, муаммоларга ечим қидиради

Фақатгина мавжуд вазифаларни бажаришни ўйлайди, лозим бўлса изланади, муаммоларга раҳбариятдан ечим кутади

У ҳам мутахассис, ҳам бошқарувчи, ҳам мулкдор, ҳам ўрганувчи

У фақатгина мутахассис, зарур бўлса айрим ҳолларда кичик бошқарувчи

Иш жойини қаерда жойлашишини ўзи белгилайди

Иш жойини иш берувчи белгилайди

Ходимларни ёллаши мумкин

Ташкилотларга ёлланиши мумкин

Даромад даражаси чекланмаган, ўз меҳнати натижасига боғлиқ

Даромад даражаси қатъий чекланган, у ўз раҳбарияти томонидан белгиланган максимал даражадан ортиқча даромад ола олмайди

Фаолиятини якунлагач давлат томонидан меҳнат фаолияти якуни бўйича пенсия олмайди

Фаолияти якунлангач давлат томонидан меҳнат фаолияти якуни бўйича пенсия олади

Юқоридаги жадвалдаги асосий фарқларни кўриб умумий хулоса сифатида айнан даромад даражаси авваламбор турли ички ва ташқи омилларга боғлиқ эканлигини таъкидлаб ўтиш ҳам жоиз. Тадбиркорнинг фаолияти миқёси кенг ёки кичиклигига қараб унинг даромади кўп ёки кам бўлиши мумкин. Худди шунингдек, мутахассис фаолият юритадиган ташкилотда белгиланган маош миқдори ташкилотнинг фаолият тури ва миқёсидан келиб чиқиб белгиланади. Масалан, бугунги кунда мамлакатимизда расман ойига 5-15 млн. сўм маош олиб фаолият юритадиган мутахассислар ҳам бор (бу бармоқ билан санарли жойлардаги мутахассислар) ва расман ойига 2-3 млн. сўм фойда кўрадиган тадбиркорлар ҳам бор (бундай тадбиркорлар мингдан ортиқ). Худди шунинг тескари ҳолати расман 100-200 млн. ойига фойда кўрадиган тадбиркорлар ҳам бор (бундай тадбиркорлар 100 дан ортиқ) ва расман ўртача ойига 1-1,5 млн. сўм ойлик маош олиб ишлаётган мутахассислар ҳам бор (бундай мутахассислар 100 мингдан ортиқ).

Бироқ, битта нарсани алоҳида қайд этиш мумкинки, тадбиркор қанчалик кўп ҳаракат қилса унинг даромади шунчалик ортиб бораверади. Аммо мутахассис қанчалик кўп ҳаракат қилмасин унинг максимал белгиланган ойлиги ошмай қолаверади.

Шундан ҳам хулоса қилиш мумкинки, бугунги бозор иқтисодиёти муносабатлари ривожланиб бораётган бизнинг мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришга қаратилаётган юксак эътиборнинг асл мақсад ва муддаоси ҳам шундадир. Яъни халқимиз тадбиркор бўлиб, ўз меҳнати ва ҳаракатига яраша кўпроқ даромад олсин, кимдандир иш сўраб эмас, балки иш ўрнини ўзи ярата оладиган даражаг етишсин деган мақсадда бугунги кунда кенг қамровли ишлар олиб борилмоқда. Ажаб эмас, ушбу сиёсат самараси ўлароқ бир неча йилдан кейин бизнинг мамлакатимизда тадбиркорлар сони бугунгидан бир неча баробар ортиб ўзаро ҳалол рақобатга асосланган бозор муносабатлари ривожланиб борса.

Если вы нашли ошибку, пожалуйста, выделите фрагмент текста и нажмите Ctrl+Enter.

Share

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

*