What is the currency black market and shadow economy, how they affect the standard of living? (in Uzbek)

         Бугунги кунда дунёнинг аксарият мамлакатларида яширин иқтисодиёт ва қора бозорлар у ёки бу кўринишда амал қилиб келади. Келинг, аввало, ушбу тушунчаларга таъриф бериб ўтсак.

          Яширин иқтисодиёт – бу бевосита давлат назорати ва ҳисобидан ташқарида ҳукумат ва жамиятдан яширин ҳолда юритиладиган иқтисодий фаолиятдир. У товар ва хизматларни ноқонуний олди-сотдиси (тегишли солиқларни ва божларни тўламаган ҳолда савдо қилинадиган ҳар қандай маҳсулот), қонун билан таъқиқланган товар ва хизматлар билан (наркотик моддалари, айрим ичимлик ва дори маҳсулотлари, фоҳишабозлик ва бошқалар) шуғулланишни назарда тутади.

     Қора бозор – бу яширин иқтисодиётнинг таркибий қисми бўлиб, қайсидир етишмаётган товар ёки хизматларни олди-сотдиси билан қонунчиликни бузган ҳолда (солиқ ва назорат қоидаларига амал қилмасдан) шуғулланишни назарда тутувчи бозор туридир. Валюта қора бозори эса нақд кўринишдаги хорижий валютани қонунчиликда белгиланмаган асосда шакллантирилган нарҳларда маҳаллий валютага айирбошлашни кўзлаб юритиладиган фаолият.

       Ҳозирда жаҳонда бир нечта халқаро ташкилотлар ва давлатлар ўзаро келишган ҳолда ушбу яширини иқтисодиётнинг авж олишига қарши курашиш бўйича бир қанча ишлар олиб бормоқдалар. Хусусан, бу борада Ўзбекистонда жадал ташланган қадам сифатида “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонуннинг қабул қилинганини мисол қилиш мумкин. Бу ўз навбатида ҳукумат мансабдор шахслари томонидан яширин иқтисодиётни қўллаб қувватлашни чеклаш бўйича қатор тадбирларни амалга оширишга ёрдам беради.

       Ўзбекистон сингари ривожланаётган мамлакатлар, айниқса, бир нечта турдаги товар ва хизматларга нисбатан эҳтиёж баландлиги туфайли уларни бошқа давлатлардан импорт қилишига (сотиб олишига) тўғри келади. Айнан шу ҳолатда хорижий валюталар курси ошишининг бевосита товар ва хизматларнинг нарҳига таъсирини кўриш мумкин. Бу эса деярли барча товар ва хизматларнинг дастлабки нарҳи (ёки таннарҳини) шаклланишига таъсир қилади. Биламизки, таннарҳ бирор маҳсулотнинг ишлаб чиқарилишида кетган харажатлар йиғиндиси кўринишида шаклланади. Қолган барча босқичларда сотувчилар ўз фойдалари учун унга устама ҳақ қўйган ҳолда товарларни сотишади. Унда четдан келтирилган маҳсулотлар нарҳи курс бўйича ошиб келса, ўзимизда ишлаб чиқилаётган маҳсулотларда айрим ишлаб чиқариш жараёнида қўлланилаётган хом-ашёларнинг четдан келтирилган қисми ошганлиги ҳисобига маҳсулотлар нарҳи ошади.

         АҚШ доллари бизга жахон бозоридан ўзимизга зарур бўлган маҳсулот ва хизматларни харид қилиш учун керак. Яъни миллий иқтисодиётни жахон глобал иқтисодиётининг бир бўлаги сифатида ҳаракат қилишини таъминлаш мақсадида зарурдир. Чунки доллар бугунги кунда бутун дунёда энг кўп савдо қилинадиган ва барча давлатларда бирдай тан олинадиган валютадир. Мамлакатимизнинг ички эҳтиёжларини қондириш учун ташқаридан сотиб олинаётган маҳсулот ва хизматларни тўлашда бевосита доллардан фойдаланилар экан, унга нисбатан бўлган талаб бизда доимо ҳосил бўлади. Чунки мамлакатни иқтисодий жиҳатдан тез ривожланиши ва аҳоли яшаш шароити яхши бўлиши учун юқори даражадаги техника-технологияга асосланган иқтисодиёт керак. Техника технологияларни иқтисодиётга жалб қилиш ва жорий қилиш эса барчаси долларда тўланади бугунги кунда. Айнан шу тўлаш лозим бўлган долларни топиш учун эса мамлакатимиз бевосита бошқа давлатларга ўзимизда ишлаб чиқиладиган товар ва хизматларни долларга сотиши керак бўлади. Маҳаллий ишлаб чиқаришни ривожлантириш учун эса яна доллар керак. Худди шундай бир-бири билан узвий боғлиқ тизим ҳосил қилинган ҳолда мамлакатни долларга нисбатан эҳтиёжи ва қанча захира валютаси йиғиши кераклиги аниқланиши мумкин. Аслидаку мамлакат қанчалик четдан кам маҳсулот сотиб олса долларга нисбатан эҳтиёжи ҳам шунча кам бўлиши тайин. Бироқ бизнинг мамлакатимиз сингари ривожланаётган давлатлар учун бирданига барча соҳаларда маҳаллий ишлаб чиқаришни йўлга қўйишнинг имкони йўқ. Ўзимизда ишлаб чиқариладиган маҳсулотларни четда сотилишини рағбатлантириш (арзонлаштириш) мақсадида ҳам бугунги кунда Марказий банк томонидан доимий равишда девальвация (миллий валюта курсини хорижий валютага нисбатан тушириб борилиши) амалга ошириб келинмоқда. Бироқ, танганинг иккинчи томони сифатида четдан кириб келаётган маҳсулотнинг маҳаллий бозоримиз учун қиммат бўлиши ҳам барчага равшандир.

      Шундай бир қийин вазиятда эса қора бозорнинг валюта курсини ниҳоятда ошириб юбориши мамлакатдаги турмуш шароитини оғирлаштиради. Шунинг учун ҳам қора бозорни йўқ қилиш чора-тадбирларини кучайтириш долзарб масала ҳисобланади.

Кўпчилик савол беради, нима учун доллар курсининг ошиши бизнинг маҳаллий ишлаб чиқариладиган маҳсулотларнинг нарҳларини ҳам оширмоқда? Ахир уларнинг долларга алоқаси йўқку. Ёки нима учун ойлик ошиб борса ҳам товар ва хизматларни сотиб олиш имкониятимиз ошмаяпти дея?

Жавоб шуки, барча турдаги товар ва хизматларни маҳаллий ишлаб чиқарилишида 100% маҳаллий хом-ашё билан таъминланмаганлиги, агар таъминланган бўлса ҳам уни ишлаб чиқариш учун кетадиган ёқилғи ва энергия маҳсулотларининг жаҳон бозоридаги нарҳларининг ўзгариши маҳсулот таннарҳи шаклланишига билвосита таъсир қилади. Шундай экан, деярли барча маҳаллий маҳсулотларга нисбатан нарҳларнинг ошиши табиийдир. Нарҳнинг ошишига яна бир сабаб, олдиндан кутилаётган қийматнинг ҳам қўшилишидир. Яъни сотувчи олдин четдан 10 бирликка олиб келаётган маҳсулотини энди камида 11 бирликка олиши мумкинлигини аниқ билади ва шунинг учун ҳам у келгусидаги харажатини ҳам сотаётган маҳсулоти қийматида акс эттиради. Шунинг учун ҳам сизнинг ойлигингиз оширилишидан қатъий назар долларнинг курси ошиши натижасида товар ва хизматларнинг баҳоси ҳам ортиб бораверади. Яширин иқтисодиёт бор экан бу ҳолат нарҳларнинг ҳаддан ташқари кўтарилишига жуда катта таъсир кўрсатади.

Бироқ яширин иқтисодиёт ва қора бозорни қандай йўқ қилиш мумкин деган саволга эса сиз қуйидаги мақолани ўқиб жавоб олишингиз мумкин.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.

Share

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*