Что важнее долг или финансовое положение? (на узбекском языке)

_Time_to_make_your_choice_095009_

Бугунги тобора ривожланаётган ахборот технологиялари даврида бозор муносабатларининг тараққий этиши ва такомиллашиши натижасида пул ишлашнинг бир неча минглаб усуллари ва йўллари пайдо бўлмоқда. Шу жиҳатдан, ҳозирда бир ишда ишлаб туриб бошқа ишларни қилишни ўйлаб куни ўтаётган инсонлар ҳам кўплаб топилади. Чунки, аксарият ҳолларда бериладиган маош асосий харажатлардан ортмаса, кўп ҳолларда инсон янада яхши яшашни истаб қолади. Аслида ойлик маош қанча кўп бўлса ҳам у ходим учун шунча оздек туюлаверади. Сабаби, даромадга яраша эҳтиёжлар ҳам ортиб бораверади.

Хусусий бизнес билан шуғулланадиганлар давлат ташкилотларида ишлашни, аксинча давлат ташкилотларида ишлаётганлар хусусий бизнес билан шуғулланишни хоҳлашади. Бу табиий ҳолдир, чунки ҳаммамиз натижани кўрамиз, лекин натижага эришиш учун бўлган машаққатли меҳнатни кўрмаймиз.

Яна бир қатор инсонлар борки ўз бахтини бошқа мамлакатлардан қидиришади, яъни бошқа давлатларга бориб ишлаб, кейинчалик маблағ орттириб ўз юртларига келиб яшашни мақсад қилишади, бошқалари ўша давлатларда қолиб кетишни афзал кўришади. Айримлар бошқа давлатларга муҳтожликдан кетишса, бошқалар ўз ишидан қониқмасдан чиқиб кетишади. Лекин халқимизда “Яхши уста ўз маҳалласидан ортмайди” деган гап борилигини ҳам унутмаслик керак. Тўғри хорижда ишлаб топилган пулнинг қадри баландроқ ва турли ишларни қилиш имкониятлари бордир, лекин шу машаққатни ўзимизда қилишга бу инсонлар уриниб ҳам кўришмаган уларнинг аксарияти.

Умуман олганда юқоридаги ҳамма ҳаракатларнинг ва қарашларнинг асосий сабаби нима, асоси кўпроқ пул топиш, янада яхши ҳаёт кечириш, яхши шароитларда яшаш ва иложи борича ҳамма яхши нарсаларни қўлга киритиш. Инсон бу дунёга бир марта келади, беш кунлик дунёда ўйнаб кулиб яшаб қол дея ўзларини ишонтириш кўпчиликда учрайди. Бироқ кўп ҳолларда ҳамма яхши шароитларга эришганимиз билан кўнглимиз тўлмайди, кўнгил ҳар доим ниманидир кутиб, ниманидир соғиниб яшайди.

Яхши ҳаёт кечириш мақсадида ҳаракат қилиниши ва фақат шу нарсалар ҳақида ўйлаш оқибатида, ўз оиласига нисбатан меҳр муҳаббат, ота-онага муносабат уларни қадрлаш, ака-ука, опа-сингил, қариндош ва қўшнилар билан муносабатларга эътибор сусая боришини кузатиш мумкин. Бугунги кунга келиб қўшнилар бир-бирини танимайдиган, қариндошлар бир-бирларини йўқламайдиган, ака-ука ва опа-сингиллар худди бегонадек гаплашадиган, ота-онанинг ҳурмати топталган бир вазиятлар жуда кўп учрайди. Демак, мансаб, бойлик ва яхши ҳаёт кетидан қувиш натижаси ички дунёйимизда айнан мана шу инсоний туйғуларни аста-секинлик билан йўқолиб боришига олиб келишини кўришимиз мумкин.

Инсон доимо ўзи ихтиро қилган нарсаларга ўзи жуда ҳам қаттиқ боғланиб қолган ҳолда ўз ички дунёси ва кўнгил орзуларини унутиб қўяди. Ҳамма табиий нарсаларнинг ўрнини сунъий нарсалар эгаллаётган бир даврда, келажакда инсоннинг кўнгли ва ички дунёсини ҳам сунъийлаштириш имкони бўлса, кейинчалик, инсоният фақат авлод қолдириш учун бир-бири билан муносабатда бўлса керак. Сунъий уруғлантириш ва уруғларни сақлаш технологиялари янада ривожланиб кетсаю бир неча юз йилларга уруғ сақланиши мумкин бўлса, унда ҳаттоки авлод қолдириш учун ҳам инсон бир-бири билан мулоқот қилмай балки, ҳар ким ўзи алоҳида яшашни бошлайди.

Биз ҳар доим ўзимиз истеъмол қилишимиз мумкин бўлганидан кўпроқ истеъмол қиламиз. Бир коса овқатга тўйиш мумкин бўлган жойда 2 коса ейилади. Худди шунингдек, мазза қилиб ҳотиржам яшаш мумкин бўлган, ўз туғилиб ўсган жойимиздан кўра бошқа жойларни орзу қилиб, бошқа жойларга кўчамиз. У бошқа жой ўз мамлакатида бўлса ҳам майли, лекин бошқа мамлакатлардан ўз бахтини излаш бугунги кунда жуда кўпайган. Бунда уларга “Қаерда ўзингни бахтли ҳис қилсанг ўша ер сен учун Ватан” деган алдамчи фикрлар туртки бўлади. Ваҳолангки, инсон ёшлигида вақт ва макон қадрини ҳис қилмайди, ёши ўтибгина бу нарсаларнинг туб моҳияти ва аҳамиятини ҳис қила бошлашади. Бежизга айтилмаган ахир “Ўзга юртда шоҳ бўлгунча ўз юртингда гадо бўл” дея.

Майли ким қаерда бахтини топишидан қатъий назар ўз бурчини унутмаслиги кераклиги муҳим. Чунки, ўзи туғилиб ўсган диёрни ҳимоя қилиш, асраш, уни ривожлантиришга ҳисса қўшиш сингари бурчлар ҳар бир инсонга тегишли. Ўзи яшаб турган заминдаги инсонлар ва уларнинг маданияти, урф-одатларини ҳурмат қилиш ҳамда унга амал қилиш бу ҳам ўзига яраша бахтдир.

Ўз оиланг ёнида бўлиш, уйинг ва маҳалланг ободонлигига эътибор бериш, кичик бўлса ҳам юртинг ривожига ўз ҳиссангни қўшишдек бахт ҳам ҳаётингда муҳим аҳамият касб этади. Инсонлар учун ҳар доим “Биз бўлмаган жойлар барча жойлар яхши” деган фикрни ёдда сақлашлари лозимлигини эслатиб қўйиш керак холос.

Если вы нашли ошибку, пожалуйста, выделите фрагмент текста и нажмите Ctrl+Enter.

Share

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

*